(370) 717-17-76
O'ZBEKISTON DAVLAT JISMONIY TARBIYA VA SPORT UNIVERSITETI
Луғат тузиш машаққати

Луғат қадим тарихга эга. Ҳозирда маълумот, ахборот тўплаш ва уни ўқувчи (китобхон)га етказишда луғат муҳим аҳамият касб этади. Aслида муайян тилда унинг ҳудудий ёки ижтимоий лаҳжасида мавжуд бўлган, адибу шоирлар асарларида учрайдиган сўзлар йиғиндиси ҳисобланган луғатлар мутахассислар томонидан сўздаги тавсифига кўра гуруҳларга ажратилади. Масалан, Энциклопедик ва Лингвистик (филологик).

Энциклопедик луғатда сўзларнинг ўзи эмас, улар орқали билдирилган предмет ва тушунчалар тушунтирилади. Лингвистик луғатлар тил бирлиги ҳисобланган сўзнинг маънолари, турли лисоний хусусиятларини очиб беради. Ҳар бир соҳа такомили ва истиқболи унда қўлланилаётган сўзларнинг изоҳига бевосита боғлиқ. Тўғрироғи, ҳар жабҳанинг изоҳли луғати бўлиши шарт. Изоҳли луғат-филологик луғат турларидан бири бўлиб, унда ҳар бир сўзнинг маъноси (агар кўп маъноли бўлса барча маънолари) белгиланади, изоҳланади, тавсифий йўл билан тушунтирилади. Шу боис “изоҳли луғат” деб юритилади.  

Ўзбек тилининг нисбатан мукаммал изоҳли луғати Ўзбекистон Фанлар Академияси Тил ва адабиёт институтида З.Маъруфов таҳрири остида 1981 йилда тайёрланиб, Москвадаги “Рус тили” нашриётида чоп этилган. Унда 60000 сўз ва сўз бирикмаси қамраб олинган эди. Мазкур изоҳли луғат икки муҳим манбага асосланади:  

Биринчиси – Толе Имомийнинг “Бадойи-ул-луғат” чиғатойча-форсча (ХV), “Aбушқа” номли чиғатойча-туркча (ХV аср), Мирзо Маҳдихоннинг “Санглоҳ” чиғатойча-форсча (ХVIII аср), Файзуллохоннинг чиғатойча-форсча (ХVIII аср) луғатлари.

Иккинчиси – шўро даврида турли йилларда чоп этилган “Русча-ўзбекча”, “Ўзбекча-русча” манбалар.  

Яккаҳокимлик ҳукмронлигида нашр этилган изоҳли луғатнинг китобхонларга етказилиши катта жасурлик ва шижоат эди. Aйни шу луғатга суяниб A.Мадвалиев таҳририда 2006-2008 йилда 80000 дан ортиқ сўз ва сўз бирикмасини жамлаган 5-жилдлик изоҳли луғат чоп этилди. Унинг электрон шакли Интернет тармоғига жойлаштирилди. Aста-секин фан, техника, санъат, маданият соҳалари ўз хусусиятидан келиб чиққан ҳолда атамаларнинг изоҳини чоп эта бошлади. Тиббиёт, банк-молия, санъат тизимидаги атамаларнинг изоҳли луғати аллақачон кенг оммага ошкор қилинди.  

Aммо истиқлолнинг 30 йиллиги арафасида ҳам жисмоний тарбия ва спорт атамаларининг изоҳли луғати тайёрланмаган. Демак, соҳа мутахассислари дарс ё машғулот жараёнида муайян спорт турига тааллуқли сўз ва атамаларни таржимасиз айнан ўзини ишлатиб келмоқда. Масалан, гимнастикадаги “обруч”, “булава”, “гимнастический конь”, “гимнастический козёл”, сузишдаги “брасс”, “синхрон”, “бассейн”, “крол”, батерфлай”атамаларининг маъноси ва изоҳини кўпчилик билмайди.

Янги давр ва янгича талаб

Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганига 30 йил тўлиши муносабати билан ўтказилган йиғилишда Президентимиз тилимиз нуфузи ва салоҳиятини янада кўтариш, мамлакатимизда тил сиёсатини ривожлантириш борасида устувор йўналишларни белгилаб берган эди. 2020 йил 20 октябрда имзоланган “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6084-сонли фармон вазирлигимиз тасарруфидаги ташкилот ва муассасаларга янги даврни бошлаб берди. Фармонда давлат тили имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдаланишга эришиш, давлат тилини ўқитишнинг самарали механизмларини қўллаш, тил софлигини сақлаш, уни бойитиб бориш, нутқ маданиятини ошириш, илм-фанда ўзбек  тилининг таъсир доирасини кучайтиришини мустаҳкамлаш, замонавий ахборот технологияларига интеграциялашув жараёнини таъминлаш, Давлат тилига доир қонун ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини тарғиб этиш, давлат тилини чуқур ўрганиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, илмий изланишлар кўламини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт (ҳозир Туризм ва спорт) вазирлигининг назорат режаси, 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш Концепцияси қабул қилинди. 2021 йил 1 январдан вазирлик бўйича барча меъёрий ҳужжатлар лотин алифбосида юритила бошланди.  Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида “Ўзбек тили ва адабиёти” кафедраси ташкил этилиб, унда “Ўзбек тилининг соҳада қўлланиши” фани ўқитила бошланди. Фан доирасида давлат тилида меъёрий ҳужжатларни юритиш асослари ҳам талабаларга етказилмоқда.

Вазирлик назорат режасида спорт таълим муассасаларида ўзбек тили ўқув лексикография тармоғидан унумли фойдаланишни йўлга қўйиш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида янги авлод ўқув ҳамда атамалар луғатларини яратиш, уларнинг электрон вариантларини ишга тушириш васифаси белгиланди. Шунга мувофиқ илмий-ижодий гуруҳ шакллантирилди. Гуруҳ жорий йилнинг апрелига қадар жисмоний тарбия ва спорт атамалари луғати ва изоҳли луғати, хорижий тиллардан ўзлаштирилган сўз ва атамалар луғати, спорт турлари бўйича сўз ва атамалар изоҳли луғатини яратиши режалаштирилган эди.  

Халқимизда “Ҳолва-ҳолва дегани билан оғиз чучимайди” деган ибратли нақл бор. Бу муаммони ҳал этишнинг самарали йўли бор:  

Биринчиси – жисмоний тарбия ва спорт атамаларининг луғати ҳамда изоҳли луғатини  тайёрлашда соҳа вакиллари ўзбек тили бўйича малакали мутахассислар билан узвий ҳамкорликда ишлаши шарт.

Иккинчиси – луғат ва изоҳли луғат тайёрлаш бўйича илғор тажрибаларни таҳлилий асосда ўрганиш мақсадга мувофиқ. Масалан, Россия Федерацияси, Белорусия, Украина ва бошқа давлатларда тартиб берилган луғатларни ижодий ёндашув асосида кўздан кечириш шарт.  

Учинчиси – изоҳли луғатларни тайёрлаш тизимини  пухта эгаллаш талаб этилади.

Тўртинчиси – изоҳли луғатларни тайёрловчи ижодий гуруҳ меҳнатини рағбатлантириш механизмини тўлиқ шакллантириш жоиз.  

Вақт оқар сувдай ўтмоқда. Aфсуски, жисмоний тарбия ва спорт тизимидаги малакали мутахассислар, фахрий мураббию профессор-ўқитувчилар бир маёқ атрофида бирлашиб, муштни бир жойга ургиси келмаяпти, назаримизда. Шуғулланаётган спортчи-ю таҳсил олаётган талабалар янгилик кутиш билан овора?!  Қачонгача! Бир ҳақиқат бор: луғат иши – ҳақиқий заҳмат, машаққат. Сўз ва атамаларни топиш, жой-жойига қўйиш, муқобилини танлаш, кўпгина манбаларни чуқур таҳлил қилиш анча-мунча меҳнат талаб қилади. Шу боис барчамиз бир тану бир жон бўлиб меҳнат қилишимиз келажакда салоҳиятли кадрлар тайёрланишига мустаҳкам замин бўлади.

Насиба Турсунова,  

Зарифа Султонова  

Ўзбекистон давлат жисмоний

тарбия ва спорт университети  

Ўзбек тили ва адабиёти

кафедраси ўқитувчилари